O鈥榸bekiston Respublikasi,
Toshkent sh., Amir Timur shoh ko鈥榗hasi

(+998-71) 236-74-36, 236-73-47

Yangiliklar

Yangiliklar arxivi

30-06-2015

Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева.

Буюк ўзбек раққосаси, балетмейстер ва педагог Мукаррама Турғунбоева 1913 йилда Фарғонада туғилган. Фарғона билим юртини тамомлагач,1929 йилда Муҳиддин Қориёқубов ёрдамида Самарқанд Давлат мусиқали театрининг ёрдамчи группасига ишга кирди ва театрда саҳналаштирилган мусиқали спектаклларда иштирок этди.

1932 – 1933 йилларда Уста Олим Комилов ва Тамарахонимлар устозлигида ўзбек рақсларидан машқлар тайёрлаган бўлса, 1936 йилда ўзи мустақил равишда “Пахта” рақсини яратиб, 1937 йилда “Гулсара” мусиқали драммаси учун рақслар саҳналаштирди.

М.Турғунбоева 1939 йилдан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида ишлаб, бир қатор балет усталаридан ушбу санъат сирларини ўрганди, Уста Олим Комилов ва А.Томскийлар билан ҳамкорлик Ф.Талнинг “Шоҳида” балетини саҳнага қўйди.

М.Турғунбоева ижро этган “Тановор”, “Занг”, “Роҳат”, “Катта ўйин”, “Муножот”, “Пилла”, “Андижон полкаси”, “Хумор”, “Жонон”, “Фарғона рубойиси”, “Кўзларингни яширма”, “Зор этдинг”, шуненгдек турли йўналишдаги 200 дан ортиқ дилбар рақслар ўзбек маданияти ва санъатининг олтин ҳазинасига қўшилган муносиб ҳисса бўлди.

Раққоса 1955 йилда Тошкент хореография билим юрти талабаларидан иборат раққоса қизлар гуруҳини ташкил қилган. 1957 йилда эса шу гуруҳ асосида “Бахор” ансамбли тузилди. М.Турғунбоева А.Навоий театрида балетмейстерлик қилиш билан бирга “Бахор” ансамблида бадиий рахбар, бош балетмейстер бўлиб фаолият кўрсатди. 1957 йилда ансамбл жахон ёшлари ва талабалари фестивалида, 1971 йилда Лейпциг шаҳрида ўтказилган  XIII ҳалқаро фестивалда “Олтин медал” олди. “Бахор” Давлат рақс ансамбли ер куррасининг жуда кўп мамлакатларида бўлиб, ўзбек рақс санъатининг ноёб дурдоналарини намойиш этди.

Мукаррама Турғунбоева узоқ йиллар раққосалик, балетмейстерлик ва педагогликни тарбиявий ишлар билан узвий боғлаган холда, 1947 йилдан Тошкент хореография билим юртида дарс  берган. Ушбу фаолияти давомида бир қатор истеъдодли раққоса ва балетмейстерларни етишиб чиқишига хизмат қилди. Маъмура Эргашева, Раъно Низомова, Валентина Романова,  Тамара Юнусова, Равшаной Шарипова, Насиба ва Зиёда Мадраҳимовалар унинг муносиб шогирдларидир.

Санъаткорнинг ўзбек рақс санъати ривожидаги хизматлари бир неча бор юксак орден ва медаллар билан тақдирланиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони Давлат мукофотлари (1946, 1951, 1967, 1973) билан муносиб тақдирланган бўлса, Мустақиллик даврида “буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Етук санъаткор Мукаррама Турғунбоева 1978 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.