100060, Республика Узбекистан
г. Ташкент, проспект Амира Темура, 16

(+998-71) 236-74-36, 236-73-47

Новости

Архив новостей

14-11-2016

ТОШКЕНТ “ЭСКИ ШАҲАР” ҲУДУДИДА ТАРТИБ-ИНТИЗОМ ВА ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ ТИЗИМИ ҲАҚИДА

Тангиров Обид
Ўзбекистон Давлат санъат музейи
“Ўзбекистон халқ амалий санъати” бўлими мудири

(XIX аср охири – XX аср бошларида)

Қадимдан жамиятда тинчлик осойишталикни сақлаш, аҳоли орасида тартиб интизомни таъминлаш давлатнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб келган. Бу аввало, мамлакатнинг барқарорлигини таъминлаган, шунингдек, жамиятда ички низолар, турли тартиббузарлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олган.
Ўрта Осиё аҳолисининг ўзига хос менталитети, инсонийлик билан йўғрилган одатлари, эътиқодлари туфайли азалдан халқ орасида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган. Хусусан, хонликлар даврларида ҳам ҳарбий соҳага қаратилган эътибор асосан ташқи кучлар билан бўладиган тўқнашувларга тайёрланган. Ички тартиб қоидалари билан қўрбоши, мухтасиб, қоровул, миршаб, тунги қоровул, юзбоши, йигит кабилар шуғулланган. Тошкент тарихи бўйича изланишлар олиб борган таниқли тарихчи Ф. Озадаев маълумотларига кўра хонликлар даврида “шаҳарда кечқурун ва тунда тартиб сақлашини қўрбоши зиммасига юклатилган эди, унинг қўлида 400 миршаб (ҳар даҳада 100 тадан) бўлган” [4, 51], экан. Тошкент тарихи бўйича қимматли манба ёзиб қолдирган А. И. Добросмисловнинг маълумотига кўра, Қўқон хонлиги даврида шаҳарнинг ички тартиб ва хавфсизлигига қўрбоши жавобгар бўлган. Унга 44 та мирбош (мирбаша) бўйсунган ва улардан тўрттаси ҳар ўнталикка бошчилик қилган экан [3, 44]. В.В. Бартольд ҳам айни шу маълумотларни келтириб фақат “мирбош” ўрнига “миршаб” жумласини ишлатади [2, 191]. А. И. Добросмислов ички тартиб ҳақида ёзар экан, кечки ибодатдан кейин қўрбоши ўз одамлари билан бирга кўчаларни кўздан кечириб, ножўя ҳаракатдаги кишини кўрса, шаҳар беки ҳузурига олиб борган, ўғирликлар, ёнғинларнинг олдини олиб, аҳоли осойишталигини таъминлаган [3, 44].

Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудини босиб олгач, бошқарув тизими ва ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар асносида кўплаб муаммолар вужудга келди. Чор ҳукуматининг сиёсати билан бирга ўзгача маданият, маҳаллий аҳолининг дунёқарашига ёт бўлган салбий кўринишдаги тушунча ва одатлар кириб келди. Бу ҳол айниқса, Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази бўлган Тошкент шаҳрида кўпроқ намоён бўлди. Албатта жамиятдаги бундай ўзгаришлар аҳолининг тинчлигини таъминлашда қатор чораларни кўришни талаб қилган. Тошкентнинг маҳаллий аҳолиси яшайдиган “эски шаҳар” ҳудудида бу вазифа мустамлакачи маъмурлар томонидан эмас, балки маҳаллий аҳоли вакиллари орқали амалга оширилган. Тошкент “эски шаҳар” қисмида ҳар бир даҳа оқсоқолларининг қўл остиларида “йигит”лари бўлиб, шаҳарнинг тартиб интизоми ва қўриқлаш хизмати бошлиғи оқсоқол саналган. Шунингдек, йигитларга бошчилик қилувчи бош миршаб ҳам бўлган (оқсоқолга империя тузуми ўрнатилган дастлабки пайтларда “товғоч”, кейинги вақтларда элликбоши деб аталган ҳар бир маҳалланинг бошлиқлари ҳам ёрдам берсада, аммо улар полиция хизмати вазифасини бажармаган). Оқсоқол аҳоли орасидаги сиёсатини олиб боришда йигитларга таянган. “Йигит” вазифаси хонликлар даврида “қоровул”, “миршаб” яъни, тунги қоровул номида ишлатилган. Империя ҳукмронлиги ўрнатилгач, аҳолининг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар туфайли қўриқлаш ва ички хавфсизлик “миршаб” атамаси “йигит” деган ном билан биргаликда ишлатила бошланди. Чунки узоқ йиллардан буён ўлкамизда миршаб атамаси тунги қоровулларга нисбатан ишлатилган. Йигит деб ҳарбий соҳада хизмат қилувчилар номланган. Йигит “навкар” маъносига яқин тушунча. Масалан, Россия империяси босқинига қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган лашкарбоши Алиқули 22 ёшида Қўқон хони Маллабекка йигит ва навкар бўлиб ёлланганлиги манбаларда келтирилган [5, 27].

Тошкент шаҳри империя томонидан босиб олингач, ички тартиб тизимини чор ҳукуматининг қонунлари ва маҳаллий аҳолининг ўзига хос анъанавий хизматларига таяниб йўлга қўйилган бўлса, 1881 йил 14 августда эълон қилинган “Давлат тартиби ва жамоат осойишталигини қўриқлаш чоралари тўғрисидаги низом” асосида “кучайтирилган” қўриқлов ҳолати жорий қилинди [1, 124]. Бу ҳужжат мамлакат миқёсида чиқарилган бўлсада, аммо асосий урғу мустамлака ўлкаларни қамраб олган, негаки, мустамлакачиликни мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда, ички тартиб муҳим аҳамиятга эга эди. Бу борада ўлканинг марказий шаҳри Тошкентда ўзгартиришлар давом этиб борди. Ф. Озадаевнинг тадқиқотларига кўрсатилишича, “эски шаҳар” ҳудудида тунги осойишталик ва хавфсизликни сақлаш, шунингдек, шаҳардаги ишончсиз ҳамда вақтинча яшаб турган одамларни назорат қилиб туриш, жиноятчилар ва шубҳали шахсларни қидириш вазифаларини бажариш учун 1883 йилдан шаҳар бошлиғининг маҳаллий аҳолидан бўлган кичик ёрдамчиси мансаби жорий қилинади [4, 125-126]. Бу мансаб 1887 йил 1-январгача амал қилиб [3, 98], кейинчалик бу вазифани ҳар бир даҳалар бўйича бош миршаб омалга оширган.

Йигит лавозимига тайинлаш ва лавозимидан бўшатиш қандай тартибда олиб борилган? Ҳар бир даҳалар бўйича оқсоқол йигитларни аҳоли орасидан танлаб, кейин унинг номзодини шаҳар бошлиғига маълум қилган. Шу асосда халқнинг орасидан абжир, серғайрат кишилар тавсиялар билан бундай масъулиятли вазифага келишган. Бу тўғрида архив ҳужжатларидан бир қанча мисоллар келтириш мумкин.

Ҳурматли Тошкент шаҳар ҳокими хизматларига Себзор оқсоқолидан рапурт. Ушбунинг илан жанобингизга маълум қиламан, мулло Раҳматилло Бўтабой ўғлини Мирхалил Эрназар ўғлини ўрнига мазкур мулло Раҳматиллони йигитлик хизматига 25 январдан мустаҳкам қилмоққа фармойиш қилсангиз экан деб Себзор оқсоқоли мулло Калонбек махзум мулло Нормуҳаммад охунд ўғли муҳрим босдим. 1891 й. 19 январь [7, 16]. Ушбу ҳужжатдан маълум бўладики, йигит вазифасини шаҳар бошлиғи оқсоқол тавсияси билан фармон асосида тайинлайди. Албатта, йигит бўлиб тайинланган шахс бетоб бўлиши ёки ўз вазифасини уддалай олмай қолиш ҳоллари ҳам бўлган. Бундай вақтда оқсоқол шаҳар бошлиғига мурожаат қилиб янги номзодни аниқ исми шарифини кўрсатган ҳолда маълум қилган ва шаҳар бошлиғи тасдиқласа, тайинланган йигит ўз хизмат вазифасини бажара бошлаган. Буни қўйидаги ҳужжатда кўриш мумкин.

Жаноб шаҳар ҳокимина Бешёғоч оқсоқолидан рапурт.

Ушбунинг илан маълум қиламанким маним хизматимда йигитлик қилиб турғувчилар яъни Мирҳамид Мирёқуб ўғли хизматга ёролмаган сабаб ўрнига Муҳаммад амр Мир Муса ўғлини, Исабой Муҳаммад ўғли хизмат қилмасдин жавоб сўраган сабабли ўрнига Муҳаммад розоқ Ёқуббой ўғлини, Мулло Аъзамбой Ой муҳаммад ўғли бетоблиги сабабли ўрнига Абдулқодир Ғофуржон ўғлини мустаҳкам қилмоққа фармойиш берсангиз. 1891 й. Февраль” [7, 19] Юқорида келтирилган ҳужжатдан яна шуни англаш мумкинки, хизмат вазифасида турган “йигит” ўз ҳоҳиши билан ҳам оқсоқолга мурожаат қилган ҳолда вазифасидан бўшатилиши мумкин бўлган. Бошқа бир ҳужжатда Шайхонтоҳур миршаби Самиазиз Муҳаммад ўғлининг касаллиги туфайли унинг ўрнига Собирбек Исҳоқбек ўғлини тайинлашини сўраган [7, 3].

Тошкент “эски шаҳар” тартиб интизом ва қўриқлаш хизмати ходимлари саналган “йигит”лар икки хил тоифада ўз вазифаларини бажаришган. Биринчиси, отлиқ йигит, иккинчиси пиёда йигит деб аталган. Отлиқ йигитлар жисмонан бақувват бўлиш билан бирга яхшигина чавандоз бўлишлиги талаб қилинган. Уларнинг хизмати ва масъулияти пиёдаларга нисбатан юқорироқ бўлган. Шунинг учун бўлса керакки отлиқ йигитлар пиёда йигитларга нисбатан 25% кўпроқ иш ҳақи олишган. XIX асрнинг 60-70 йилларида 10-12 сўм маош олган йигитларнинг ойлик маошлари [3, 100] кейинги йилларда кўпайиб борган. Жумладан, 1891 йилги маълумотларда келтирилишича, отлиқ йигит ойига 20 сўм, йилига 240 сўм маош олган бўлса, пиёда йигит ойига 15 сўм, йилига 180 сўм маош олишган [7, 12]. ХХ асрнинг бошларида уларнинг маошлари 20-25 сўмгача кўтарилган. Шуни ҳам алоҳида қайд қилиш мумкинки, бош миршаб, яъни ўша вақтларда рус маъмурлари номлаган “стражник” 1891 йил ойига 25 сўм, йилига 300 сўм мояна олиб, улар ҳам маҳаллий аҳоли вакилларидан тайинланган. Масалан, 1891 йил Себзор даҳасида Абдухолиқ Олимбой ўғли, Шайхонтоҳур даҳасида Сайфуллоҳ Мирҳаким ўғли, Кўкча даҳасида Умар Олимбой ўғли “стражник” вазифасида ишлаган [7, 12-16].

Қўриқлаш хизмати ходимларининг умумий сонини гуё оқсоқол белгилаган бўлсада, лекин чор ҳукумати вакиллари буйруғи билан амалга оширилганини англаш қийин эмас. Аҳоли орасидаги эҳтиёжга қараб уларнинг сони чор мустамлакачили даврида ошиб борган. Масалан, 1868 йили тўртала даҳа оқсоқоллари талаб билан шаҳар ҳокимига мурожаат қилиб қоровуллар сонининг оширилишини сўралган. 1868 йилгача Шайхонтоҳур даҳасида 54 та қоравул хизмат қилиб келган эди. Даҳа оқсоқоли мулло Миржалил даҳадаги ўғирлик ва бошқа жиноятларнинг кўпайиб бораётганини инобатга олиб яна 37 та қоровул қўшиш ҳақида буйруқ беришини Тошкент шаҳар ҳокими Россицкийдан сўраган [9, 5]. Кўкча даҳасида эса шу йили 70 та қоровул бўлган ва унга яна 35 қоровул қўшиб беришини даҳа оқсоқоли Мирафзал сўраган бўлса, Бешёғоч даҳасида 50 та қоровулга 25 қоровул қўшишни даҳа оқсоқоли Салимбой, Себзор даҳасида 70 та қоровулга 35 та қоровул қўшиб беришни даҳа оқсоқоли Нодир Муҳаммад сўрашган [7, 4-7]. Тошкент шаҳар ҳокими Россицкий имзоси билан 1869 йил 26-февралда оқсоқолларнинг талаблари қондирилган [9, 8]. Кейинги йилларда қўриқлаш хизмати ходимлари сони яна ўзгартирилди. 1892 йилги “вабо исёни”га қадар ҳар бир даҳанинг 2 кишидан иборат отлиқ “йигит”лари ва 17 кишидан иборат пиёда “йигит” лари бўлиб, уларга “стражник” бошчилик қилишган. Шунингдек, ҳар бир даҳа оқсоқолининг яна алоҳида 10 кишилик пиёда “йигит”лари ҳам фаолият кўрсатишган.

1892 йил содир бўлган “вабо исёни” ёки “тошотар воқеаси” империя маъмурларини сергак торттирди. Бунда шу йили эълон қилинган “Кучайтирилган қўриқлов тўғрисидаги низом” ички тартиб ва қўриқлаш тизимини янада кўчайтириш ҳамда бир қатор ўзгартиришлар киритиш масалаларини қонуний асослаб берди [1, 125]. Амалий ишлар сифатида аввало, “эски шаҳар” ҳудудини икки қисмга бўлинди. Бунда биринчи қисм Шайхонтоҳур ва Себзор даҳаларидан иборат эди ва унга Тошкент шаҳрининг пристави ёрдамчиси (исёндан кейин вужудга келган янги лавозим) қилиб Кришков, Бешёғоч ва Кўкча даҳаларидан иборат иккинчи қисмга пристав ёрдамчиси этиб Рубинский тайинланади [8, 97-100]. Улар бевосита шаҳар полиция бошлиғи буйсунган (1868 йилдан бошлаб шаҳар бошлиғи шаҳар полиция бошлиғи саналган). Шунингдек, ҳар бир даҳага рус маъмурларидан бўлган “околоточний” яъни даҳа назоратчилари тайинланади. Уларга 10 тадан “йигит” беришади. Булардан англаш мумкинки, 1892 йилги қўзғолон чор ҳукуматини қаттиқ ташвишга солиб, улар “эски шаҳар”нинг ички назоратини ҳам ўзлари бевосита бошқаришга интилишган. Шу йилнинг охирига бориб вазият юмшагач, пристав ёрдамчиси лавозими бекор бўлди, аммо ҳар бир даҳа учун биттадан “околоточний” вазифаси сақлаб қолинди. Улар ойига 35 сўмдан маош олишган [8, 124-128].

Барча тоифадаги “йигит” лавозимига эга бўлганлар маълум миқдорда шаръий билимга эга бўлиши керак эди. Чунки улар баъзи ҳолларда кичик масалаларни шахсан ўзи ҳал қилишига тўғри келган. Шунингдек, империя маъмурларининг буйруқларидан ҳам хабардор бўлиши керак эди. “Йигит”лар ҳар бир даҳа бўйича дарвозаларни ҳам қўриқлашган. Чунки туну кун шаҳар девори қўриқланган ва улар навбатчилик асосида олиб борилган. Қоравул ва йигитларнинг асосий қуроли қилич бўлиб, шаҳар ичида ҳамма одамга ҳам қилич осиб юриш мумкин бўлмаган.

Тошкент шаҳрининг 12 та дарвозасини қўриқлашда ҳам йигитлар хизматидан фойдаланилган. Кейинчалик деворлар бўзилиб, бунга эҳтиёж қолмаган. Шуни маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент дарвозалари махсус калитлар билан қулфланган. Улар соф олтиндан ясалган (Черняев Тошкентни босиб олгач, шаҳарни эгалланганлигининг рамзи сифатида калитларни топширишни талаб қилади. Тарихий маълумотларга кўра, империя ҳукуматига топширилган калитларни Пичоқчилик маҳалласидан Абдураҳмон заргар ясаганлиги ёзилган. Калитларга олтин суви юритилган бўлиб, узунлиги 16 см, оғирлиги 165-167 граммга тенг бўлган [8, 124-128]). Дарвозалар махсус қоровуллар томонидан қўриқланган ва улар маълум вақтда алмашиб туришган [6, 4-5]. Дарвозанинг ичкари томонида овқатланиш, дам олиш хоналари мавжуд бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, қуёш чиқиши билан дарвозалар очилган ва қуёш ботгач, улар йигитлар томонидан ёпиб қўйилган. “Уларнинг иши шул эдики, ҳар куни шомдан сўнгра қўрғонни айланиб, хабардорлиқ қилиб, субҳи содиқ(тонг-О.Т.)ғача” шаҳарни қўриқлаган [4, 63].

Хулоса қилиб айтганда, XIX аср охири – XX аср бошларида Тошкент “эски шаҳар” ҳудудининг осойишталиги ва хавфсизлигида йигитларнинг хизмати катта бўлиб, улар сидқидилдан аҳолини муҳофаза қилган. Ҳозирги кунда жамиятда тинчликни таъминлашда ички ишлар ходимларининг фаолияти анча такомиллашган бўлсада, бу соҳанинг ривожланишида ўтмишда ўтган йигит, миршаб каби юрт посбонларининг фаолиятлари ҳам аҳоли хавфсизлигида муҳим рол ўйнаган.

Фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати

1.​ Абдурахимова Н., Эргашев Ф. Туркистонда чор мустамлака тизими. –Тошкент, Академия, 2002.
2.​ Бартольд В.В. Истории культурной жизни Туркестана. –Москва, 1927.
3.​ Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и в настояшом –Ташкент., 1912.
4.​ Озадаев Ф. Тошкент тарихидан очерклар. –Тошкент, Академнашр, 1961.
5.​ Тошкандий Муҳаммад Юнус Тойиб. Тарихи Алиқули Амирлашкар. –Тошкент., 2011.
6.​ Шораҳимов Ш, Рўзиева М. Тошкент дарвозалари // Фан ва турмуш, 1982, № 9.
7.​ ЎзР МДА. 36-фонд, 1-рўйхат, 3306-иш, 12-16 варақ.
8.​ ЎзР МДА. 36-фонд, 1-рўйхат, 3307-иш, 124-128 варақ.
9.​ ЎзР МДА. 36-фонд, 1-рўйхат, 634-иш, 5-варақ