100060, Республика Узбекистан
г. Ташкент, проспект Амира Темура, 16

(+998-71) 236-74-36, 236-73-47

Новости

Архив новостей

16-11-2016

XIX АСР ОХИРИ – XX АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ БОШҚАРУВИДА ОҚСОҚОЛ ЛАВОЗИМИ

Обид Тангиров,
Ўзбекистон Давлат санъат музейи
Ўзбекистон Халқ амалий санъати бўлими мудири

Тошкент шаҳрининг Россия империяси томонидан босиб олинганидан сўнг, шаҳар аҳолисини бошқаришнинг мустамлакача кўриниши йўлга қўйилди. Бунда шаҳарнинг мутлоқ бошлиғи чор маъмурияти вакилларидан бўлган шаҳар бошлиғи эди. Мустамлака ҳукумат шаҳар бошқарувини ташкил этишда маҳаллий анъанавий одатларга бўйсунишга мажбур бўлди. Чунки аҳоли айни шу бошқарув структурасига ўрганган бўлиб, империя маъмурияти ҳам буни яхши тушунган эди. Тошкент шаҳрининг тўрт даҳадан иборат маҳаллий аҳоли яшовчи қисмини бошқариш оқсоқол лавозимига юкланди. Оқсоқол деган вазифа ирригация, савдо ва хўжалик тизимида ҳам ишлатилган. Масалан, ариқ-оқсоқоли, бозор оқсоқоли ва ҳоказо. Ушбу ном халқимиз орасида узоқ ўтмишдан буён жамоани бошқаришда фойдаланилган ва миллий анъана сифатида сақланиб, унинг функцияси ҳамда ваколатлари шаклланиб борган. Шунинг учун ўрта асрларда кўп соҳаларни бошқаришда оқсоқол деган номдан фойдаланилган. Оқсоқол билан биргаликда мингбоши деган ном ҳам ишлатилган. Добросмисловнинг маълумотларига кўра, шаҳар даҳаларини мингбоши бошқарган1. Оқсоқол деган номдан ирригация тизимида фойдаланилган ва у ариқ-оқсоқоли деб номланиб суғориш тизимини тартибга солган. Тарихчи В. Бартольд ва ундан кейин ўтган бошқа тадқиқотчилар айни Добросмислов маълумотларига таяниб, Тошкент шаҳрини Қўқон хонлиги даврида мингбоши бошқарган, чор ҳокимияти даврига келиб, 1867-йилдан бу лавозим оқсоқол деб аталди, дейди2. Аммо мингбоши хонлик даврида маъмурий лавозим бўлиб, халқ орасида миқдор жиҳатидан маълум ҳудудлар бошқарувчиларига элликбоши, юзбоши, мингбоши, оқсоқол тарзида биргаликда фойдаланилган. Аммо бу расмий тарзда бўлмай, балки юзбоши, элликбоши каби тахминан жамоанинг сонига нисбатан айтилган. Расмий маънода маълум бир жамоани бошқарувчи оқсосол деб аталган ва ҳатто ўша лавозимдаги кишининг исмига “оқсоқол” деб қўшиб аталган. Тарихий манбаларимиздан саналган Муҳаммад Юнус Тойибнинг “Тарихи Алиқули амирлашкар”, Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асарларида Қўқон хонлигида маълум бир жамоанинг етакчисини оқсоқол деб аталганлигини кузатиш мумкин. Хусусан, “Тарихи жадидаи Тошканд” тарихий асари устида изланишлар олиб борган Ў. Султонов Қўқон хонлиги даврида ҳокимлар шаҳарни тўртта даҳа оқсоқолларига суяниб бошқарганлигини таъкидлайди3. Оқсоқолни мингбоши деб аташ халқ орасида чор мустамлакачили даврида ҳам давом этган. Айниқса, 1892-йилги қўзғолондан кейин “оқсоқол” атамаси ишлатилмай қолганида маҳаллий аҳоли “старшина” ўрнига “мингбоши” деган номдан фойдаланган. Архив ҳужжатларида ҳам бу атамани шу вақтдан бошлаб учратиш қийин ва унинг ўрнида старшина ёки мингбоши деб қўлланилган4. Матбуот материалларида кейинги йилларда бу атама “старшина оқсоқол” тарзида қўлланилган. Тошкент шаҳрини Қўқон хонлиги таркибидаги даврида бек лавозими бошқарган. Россия империяси шаҳарни босиб олиб, янги қоидаларни жорий қилгач, бу лавозим бекор бўлди, тўрт даҳадан иборат шаҳарни бошқариш бош оқсоқол зиммасига юкланди. Таниқли тарихчилар Н. Абдурахимова ва Ф. Эргашевлар Тошкент шаҳар бош оқсоқоли ҳақида тўхталар экан, “катта оқсоқолга барча миршаблар, мироблар ва қозилар бўйсунарди, дейдилар5. Тарихчи Ф. Озадаевнинг маълумотларига кўра, оқсоқол маъмурий бошқарув билан бирга шаҳарда полиция тизимини ҳам назорат қилган6. Аммо муаллиф оқсоқол лавозимининг функциясини кўрсатишдан кўра, уни чор ҳукуматининг маҳаллий халқ орасидаги “ишончли вакили” сифатида намоён этади ва оқсоқол лавозимининг даражасини пасайтириб қўяди. Масалан, 1892-йилги қўзғолонни тасвирлар экан, бош оқсоқол Муҳаммад Ёқуб Каримберди ўғлини “вабо исёни”нинг асосий айбдори қилиб кўрсатади. Гўё халқнинг қўзғолони мустамлакачи тузумга эмас, оқсоқолга қарши қаратилган, оқсоқол эса, қўрқоқ ва ҳукуматнинг “хизматкори” сифатида тасвирлашга ҳаракат қилинган7.

Россия империяси таркибидаги Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази сифатида Тошкент шаҳри белгилангач, 1867-йилги вақтли низом бўйича шаҳар бошқаруви расмий тарзда уч йилга сайланадиган оқсоқол деган лавозим асосида бошқарилди. Бунда мустамлака ҳукумат бу лавозимни жорий қилмади, балки маҳаллий халқ анъанасида мавжуд оқсоқол деган “бошқарувчи мансаб” номидан фойдаланди. Шаҳар даҳаларини бошқарувчи мансабдор уч йил муддатга элликбошилар томонидан сайланар эди. Элликбошиларни эса маҳалла аҳли сайлашган. Оқсоқол маҳаллалардан сайланадиган элликбошиларнинг сайланганлигини тасдиқлаган. Оқсоқолликка номзоди кўрсатилган кишиларни генерал-губернаторнинг розилиги билан фаолият олиб боришига рухсат берилган8.

Оқсоқол лавозимига сайлов жараёнлари қизғин тарзда ўтказилган. Эл орасида ҳурмат эътиборга сазавор бўлган шахслар ўз номзодини қўйишган. Уларнинг ҳар биттаси учун элликбошилар алоҳида овоз беришган, яъни қора ва оқ рангдан иборат соққани кўрсатилган сандиққа ташлаган. Бунда элликбоши кўрсатилган номзоднинг сандиғига оқ рангли соққани ташласа, сайлашлигини, қора рангли соққани ташласа, сайламаслигини билдирган9. Кейин мустамлака маъмурияти вакиллари халқ кўз ўнгида элликбошилар гувоҳлигида соққаларни санаб ғолибни эълон қилади. 1886-йилги “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, кимга оқсоқол сифатида фаолият олиб боришига кўп овоз берилса ва уни Сирдарё вилоят ҳарбий губернатори тасдиқласа, шу киши даҳа бошқарувини ўз қўлига олган ҳисобланади. Сайлов жараёнлари асосан даҳанинг энг кўп йиғиладиган жойларда ўтказилган. Жумладан, Себзор даҳасида кўпинча Бекларбеги мадрасасида, Бешёғоч, Шайхонтоҳур ва Кўкча даҳаларида эса асосан катта жоме масжид ҳовлиларида бўлиб ўтган. Жумладан, 1913-йил январда бўлиб ўтган оқсоқоллар ва қозиларга сайлов Себзор даҳаси бўйича Бекларбеги мадрасасида, Шайхонтоҳур даҳаси бўйича “Шайхонтоҳур” масжидида, Бешёғоч даҳаси бўйича “Жом” масжидида, Кўкча даҳаси бўйича “Тўхтажонбойвачча” масжидида ташкил қилинади10. Шунингдек, сайлов асосан аҳоли энг кўп йиғиладиган жума кунлари ташкил қилинган. Масалан, 1905-йили Бешёғоч даҳаси оқсоқоллигига сайловда февраль ойининг охирги жума куни, Кўкча даҳасида эса кейинги жума куни март ойининг бошида бўлиб ўтади11.

Даҳа бошқарувига оид масалаларда оқсоқол шаҳар бошлиғига ҳисобот бериши лозим бўлган. Ўзининг қўл остидаги ўнта “йигит”ига таяниб, даҳа бошқарувини идора қилган. Шаҳар оқсоқоли эса Тошкентнинг маҳаллий аҳолиси яшайдиган тўрт даҳадан иборат шаҳар қисмига жавобгар шахс саналган. Даҳа оқсоқоллари бевосита шаҳар оқсоқолига бўйсунган. Шаҳар оқсоқоли бош оқсоқол (русчада старший аксакал деб аталиб, халқ ичида шу номда аташ одат тусига кирган эди) унинг бошқарув функциясига нафақат шаҳар ичидаги маҳаллалар, балки шаҳар ташқарисидаги мавзелар ҳам кирган. У шунингдек, ирригация, қишлоқ хўжалиги, аҳолининг маиший турмуши ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид соҳаларни ҳам назорат қилган.

Шаҳарнинг бош оқсоқоли ва даҳа оқсоқолларига ойлик маошлар ҳам белгиланиб, унга кўра бош оқсоқолга ойига 75 сўм (йилига бу 900 сўмни ташкил этган), даҳа оқсоқолига ойига 54 сўм 16 тийин (бу бир йилда 650 сўмни ташкил этган) берилган12. Россия империяси мустамлака тузуми нафақат маҳаллий аҳоли бошқаруви учун, ҳатто мустамлака маъмурият вакиллари маошини ҳам ерлик аҳолидан ундиришга интилишган. Оқсоқоллар шаҳар аҳолисидан йиғилувчи маблағ эвазига маош билан таъминланган13. Сайлов ўтказилишидан олдин элликбошилар оқсоқолга тўланадиган маошни аҳолидан йиғиб беришга рози бўлгач, сайлов жараёни бошланган14.

Бош оқсоқолнинг қўл остида ҳар бир даҳада 17 тадан пиёда “йигит”и ва 2 тадан отлиқ “йигит”и бўлиб, уларни бошқарувчи “страшник”лар ҳам ҳар бир даҳа учун биттадан фаолият олиб борар эди. Шунингдек, бош оқсоқол ва даҳа оқсоқолларининг биттадан мирзоси ҳам бўлган. Бош оқсоқол ўзининг таржимонини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлган. 1891-йили И. Умрёхўжаев ўзининг таржимони бўлиб ишлаб келаётган Пётр Александровни ўз ишини яхши бажармаганлиги учун вазифасидан бўшатиб, унинг ўрнига Туркистон ўқитувчилар семинарияси ўқитувчиси Юсуф Карабашевни тайинлаганлиги архив маълумотларида келтирилган15. 1892-йилги “вабо исёни”дан кейин оқсоқол лавозимини мустамлака тузумнинг исёнга нисбатан чораси сифатида “старшина” деб аталди. Аммо бу айни “оқсоқол” сўзининг таржимаси бўлиб, расмий ҳужжатларда старшина дейилсада, лекин халқ орасида оқсоқол деб аталаверилди. Ушбу қўзғолондан кейин бош оқсоқол лавози бекор қилинди. Унинг ўрнига дастлаб эски шаҳарни икки қисмга: Шайхонтоҳур, Себзордан иборат биринчи қисм ҳамда Кўкча, Бешёғоч даҳаларидан иборат иккинчи қисмга бўлиниб, ҳар бир қисмга биттадан “пристав ёрдамчиси” ва даҳага “назоратчи” (“околоточный”) лавозими жорий қилинди16. Бир неча ой ўтиб, ҳар бир даҳа бўйича полиция кўринишдаги “даҳа назоратчиси” (русча “околоточный надзиратель”) лавозими шакллантирилди ва пристав ёрдамчиси вазифаси бекор қилинди. Даҳа назоратчиси мансабига мустамлака ҳукумат вакилидан бўлган киши тайинланган ва у маҳаллий бошқарув тизимини назорат қилиб, гуё “эски шаҳар” ҳудудида “хавфсизлик”ни таъминлаб турган. Аслида унинг асосий вазифаси халқнинг яна кўтарилиб кетишини олдини олиш бўлган. Чунки халқ 1892-йилги қўзғолондан кейин мустамлака тузумга бўлган нафрати янада ортиб кетганини мустамлака маъмурияти яхши англар эди. Даҳа оқсоқоли лавозими “старшина” деб ўзгартирилди. Энди даҳа назоратчиси, унинг қўл остида маҳаллий аҳолидан тайинланувчи “страшник”, унинг назоратида эса даҳанинг катта кичиклигига қараб 7, 8 тадан отлиқ миршаб ва 9, 11 тадан пиёда миршаб бўлган. Миршаблар маҳаллий аҳоли ичидан тайинланган. Даҳа оқсоқолларининг ўнтача йигити бўлиб, улар оқсоқол тавсияси билан шаҳар бошлиғи томонидан тасдиқланган.

Оқсоқоллар Тошкент эски шаҳар аҳолисининг бошқарувчиси сифатида шаҳар бошлиғига ҳисобот бериб турган. Элликбошиларнинг сайланганини тасдиқлаб, уларнинг фаолияти устидан назорат олиб борган. Архив маълумотларига кўра элликбошилар сайлови оқсоқол ҳузурида ташкил этилган: 1908-йил 2-октябрда бўлиб ўтган сайловда Кўкча даҳа Кесакқўрғон маҳалласида 50 уйликдан 35таси даҳа старшинаси Нормуҳаммад Даминбоев ҳузурида Тўлаган охунд ўрниға элликбошиликка Мирзахўжа Раҳимхўжаев сайлангани келтирилган17.

Оқсоқол лавозимида фаолият олиб борувчилар асосан 40-50 ёшлардаги ташаббускор, ишбилармон ва халқ эътиборидаги кишилар бўлишган. Масалан, 1880-йилги Бешёғоч даҳаси оқсоқоллигига сайловда 42 та элликбошидан 30 тасининг овозини олиб ғолиб чиққан Нуриддинбой Миртурсун ўғли 37 ёшда эди ва у бу лавозимда ўн йилдан кўпроқ фаолият олиб боради18. Себзор оқсоқоли Мулло Калонбек махзум 1887-йил сайловда ғолиб чиққанида 42 ёшда эди. Бош оқсоқол лавозимида ишлаган Иноғомхўжа Умрёхўжаев 1892-йил 53 ёшида вазифасидан бўшатилади.

Бешёғоч даҳасида Нуриддинбой Миртурсун ўғли, кейинги йилларда Муҳаммадшариф Мирҳалим ўғли, Содиқбек Росулбек ўғли, Мулло Орифжон мулло Салимжон ўғли каби оқсоқоллар фаолият олиб боришган.

Кўкча даҳасида Мирафзалбек, Шодибек Олимбек ўғли, Муҳаммад Росул, Иброҳимбек Юсуфбек ўғли, Саидаҳрор Саидакбархўжа ўғли, мулло Нормуҳаммад Даминбой ўғли кабилар оқсоқоллик мансабида фаолият кўрсатишган.

Себзор даҳасида Мирфайзибой Мирқурбонбой ўғли, Калонбек махзум мулло Нормуҳаммад ўғли, Собирхон Муҳаммадхон ўғли, Усмонхўжа Иноятхўжа ўғли каби оқсоқоллар халқ бошида камарбаста бўлиб иш олиб боришган бўлса, Тошкентнинг йирик даҳаси Шайхонтоҳурда Абдуҳамидхўжа Шодмонхўжа ўғли, Абдукарим Бердибой ўғли, Муҳаммадёқуб Каримберди ўғли, Асрорқули Устунбой ўғли, мулло Усмон Тошкенбой ўғли кабилар фаолият кўрсатишган19.

Демак, Тошкент шаҳрининг маҳаллий аҳолиси истиқомат қиладиган ҳудудида оқсоқол лавозими маъмурий бошқарув вакили сифатида муҳим аҳамиятга эга вазифа саналган. Ушбу мансабда фаолият юритганлар мустамлака тузум шароитида бўлсада, халқ манфаатларини ҳимоя қилиб, миллий анъаналарни давомийлигини таъминлаган.

1 Добросмислов А. Ташкент в прошлом и настоящем. – Т, 1912, 43-бет.
2 Бартольд В.В. Истории культурной жизни Туркестана. — Москва. 1927, ст. 191.
3 Султонов Ў. Муҳаммад Солиҳхўжа ва унинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асари. Т.: Ўзбекистон, 2009, 112-113-бетлар.
4 ЎзР МДА. 36-фонд, 4981-иш, 32-варақ.
5 Абдурахимова Н. Эргашев Ф. Туркистонда чор мустамлака тизими. – Т.: Академия, 2002, 55-бет.
6 Озадаев Ф. Тошкент тарихидан очерклар. — Т.: Ўзакадемнашр, 1961, 107-бет.
7 Ўша асар, 240-244-бетлар.
8 ЎзР МДА. 1-фонд, 55- иш, 1-варақ.
9 Тошкент шаҳар Кўкча даҳаси оқсоқол ва қозилигига сайлов // Туркистон вилоятини газети, 1905, №11, 3-4-бетлар.
10 ЎзР МДА. 36-фонд, 6016-иш, 4-варақ.
11 Ўша жойда, шунингдек, Тошкент шаҳар Бешёғоч даҳаси оқсоқол ва қозилигига сайлов // Туркистон вилояти газети, 1905, №9, 2-3-бетлар.
12 ЎзР МДА. 36-фонд, 3306-иш, 1-5-варақлар.
13 ЎзР МДА. 17-фонд, 20308-иш, 57-варақ.
14 Себзор даҳаси оқсоқоллигига ва қозилигига сайлов // Туркистон вилояти газети, 1905, №12, 3-бет.
15 ЎзР МДА. 36-фонд, 3306-иш, 9-варақ.
16 Иккала мансабга ҳам чор ҳукумати маъмурлари вакилларидан тайинланган. Бу “вабо исёни”нинг Россия империяси ҳукуматини қаттиқ таҳликага солиб қўйганлигини кўрсатади.
17 ЎзР МДА. 36-фонд, 4434-иш, 60-варақ.
18 ЎзР МДА. 36-фонд, 3106-иш, 77-варақ.
19 Даҳа оқсоқолларининг исмлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивининг 1586, 3106, 3307, 6016 каби ишларига ва “Туркистон вилояти газети”нинг 1905 йил №9, №11, №12 сонларига асосланиб келтирилди.