O‘zbekiston Respublikasi,
Toshkent sh., Amir Timur shoh ko‘chasi

(+998-71) 236-74-36, 236-73-47

Yangiliklar

Yangiliklar arxivi

19-10-2018

“УНУТИЛМАС ҚАДРИЯТ” НОМЛИ КЎРГАЗМА УЧУН
123

Ўзбекистон халқ амалий санъатининг қадимий турларидан бири бадиий сопол буюмлар яратиш ҳунаридир. Бу ҳунарнинг ишлаш услублари авлоддан авлодга ўтиб, Ўзбекистонда унинг турли мактаблари шаклланган. XIX асрга келиб Ўзбекистонда сопол буюмлар тайёрлашнинг мактаблари яратилиши, ўзига хослиги, техникаси ва ранглари билан шимоли-шарқий яъни, Фарғона мактаби, марказий яъни, Бухоро-Самарқанд мактаби ва жанубий-ғарбий яъни, Хоразм мактабларига бўлинган. Кўк ранглар асосан, Фарғона ва Хоразм мактабларига хос бўлиб, ранг беришда ишқорлардан фойдаланган. Бухоро ва Самарқанд кулолчилик мактаби буюмларида жарангдор нафислик, қўрғошинли сир ва сарғиш-яшил, жигарранг бўёқлар муҳим ўрин тутади.
Истиқлол йилларда миллий халқ амалий санъати, хусусан, сопол буюмлар тайёрлаш анъаналарини давом эттириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг учун аввало, аждодларимизнинг сополчилик санъати борасидаги тажрибалари, улар яратган ноёб сопол буюмларни тайёрлаш сирлари тадқиқ этилмоқда. Бундай нодир асарлар асосан, музейларда сақланиб, улар ушбу маданият масканларида тадқиқ этиш билан бирга халқимизга кўргазмалар орқали намойиш этиб келинмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг 17-октябрь куни соат 15:00 да Ўзбекистон Давлат санъат музейида “Унутилмас қадрият” номли кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Кўргазмада музей фондида сақланаётган ХХ асрга оид сопол буюмлар намойиш этилади. Унда Риштон, Ғурумсарой, Ғиждувон, Тошкент, Шаҳрисабз каби кулолчилик мактабларига хос асарлар жой олган.
Умуман, кўргазмада намойиш этилган асарларнинг нозиклиги, бежиримлиги, мустамкамлиги, рангларининг ўзига хослиги каби жиҳатлари ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. Унда сопол буюмлар ясаш санъатининг забардаст вакилларидан М. Туропов, А. Йўлдошев, У. Шерматов, М. Бекжонов, У. Умаров, уста Абдуғаффор, Б. Халилов каби машҳур усталарнинг яратган асарлари намойиш этилади.
Кўргазмага турли давлат муассасаларидан, элчихоналардан меҳмонлар, санъатшунослар, музейшунослар, ўқув юрти ўқитувчилари ва талабалари иштирок этиши режалаштирилган. Тадбирда иштирок этиб ХХ асрда Ўзбекистонда сопол буюмлар тайёрлаш санъати тўғрисида қизиқарли таассуротларга эга бўлиш билан бирга, руҳий-эстетик завқ оласиз.
Кўргазма бир ой давом этади.