100060, Республика Узбекистан
г. Ташкент, проспект Амира Темура, 16

(+998-71) 236-74-36, 236-73-47

Новости

Архив новостей

14-11-2016

Ўзбекистон давлат санъат музейи зардўзи буюмлари халқ амалий санъатининг ноёб меросидир.

Т.С.Нуридинова
О.О.Набиева
(Ўзбекистон Давлат санъат музейи илмий ходимлари)
Баркамол авлодни она-Ватанимиз тарихи, бетакрор санъати ва ота-боболаримиз мерослари билан фаҳрланиш руҳида тарбиялашда ўтмишимиз ва келажагимиз кўприги музейларнинг роли ниҳоятда аҳамиятлидир.
Ўзбекистон давлат санъат музейи экспонатлари ичида ҳунармандчиликнинг қадимий турларидан бўлган зардўзларнинг яратган буюмлардан: болалар ва ўсмирлар чопонлари (тўнлар), аёлларнинг устки кийими (калтача), ёқа безаклари (пешкурта), дўппилар, болалар ва катталар этиклари, туфлилар, паранжи, камарлар,ковиш ва амир отининг ёпқичи ва бошқалар зар яъни тилла ва кумуш суви юритилган ип, нозик сим, ипак билан (бахмалга ва терига) кашта тикиб безак яратадиган ҳунармандчиликнинг зардўзи соҳаси ҳисобланади.
Салкам уч минг йиллик тарихли аждодларимизнинг ҳунармандчилиги Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатнинг ривожлантиришни янада қуллаб-қувватлашда” ги Фармони натижасида кейинги йилларда ҳунармандларимиз томонидан янгича жилоланмоқда ва қайтадан жонланмоқда. Биргина зардўзликка хос бўлган бадиий ишлов бериш қайтадан жонланди ва айниқса, ҳунарманд аёллар ўртасида кенг тарқалди. Бу соҳани санъат усталари яратган бетакрор ашёлар мамлакатимиздаги ва чет эллардаги яъни, Америка, Осиё ва Европада уюштирилган кўргазмаларда барчани лол қолдирмоқда. Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг ҳунармандчиликка бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги ҳунармандларимизни янгича ишлашга ундамоқда. Айниқса, мамлакатимиз аҳолисини турмуш тарзини янада юксалтиришда, иш ўринлари билан таъминлашда тадбиркорлар ва ишбилармонларга кенг имкониятлар яратмоқда.
Зардўзи кийим ва бадиий буюмлар Ўрта Осиё халқлари орасида кенг тарқалганлиги тарихий манбалар бўлган археологик топилмалар, қўлёзмалар ва музейлардаги сақланаётган ашёлардан маълум.
1947 йили Тошкент вилоятининг қишлоқларининг бирида ўтказилган археологик тадқиқот ишлар жараёнида очилган аёл қабридан I-II асрларга оид зардўзи кийим қолдиқлари топилган.
Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо даврида XIV асрда яшаган Абдураззоқ Самарқандийнинг “Ҳиндистон сафарномаси” асарида ёзилишича Шимолий Хиндистон ва Ҳиротда ўзаро борди-келди қилиб юрган элчиларнинг совғалари ичида зардан тикилган кийим-бошлар бўлган.
Самарқандга ташриф буюрган машҳур испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўзининг элчилик кундалагида (1403-1406) зардўзлик усулида тикилган кўрпа-тўшаклар, ипак матога зар тақилган қимматбахо зарпарда ва чодирлар ҳақида, эркак ва аёлларнинг зар ипда тикилган кийимлари ҳақида ёзиб қолдирган.
Шу билан бирга, Бобуршоҳнинг қизи Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарида ёзилишича Тилсим боғи учун барпо этилган қасрнинг ичида катта олтин тахтли тўйхона бўлган. Тахтнинг устига ва тагига зар тикилган зардеворлар ташланиб, уларга бир ярим газли марварид шодалари осилган. Зардевор ҳар бир газига эса икки дўнгалак ойна ўрнатилган. Тахтга осилган зардеворнинг узунлиги ўттиз-қирқ газгача бўлиб, унга хам марваридлар осиб қўйилган.
Зардўзлик санъати Бухорони номи билан боғлиқ бўлиб, унинг шон шуҳратини дунёга тарқатди. Бухородан кейин зардўзлик марказлари Самарқанд ва Ҳиротда жойлашган. Шунинг учун Бухоро ва Хиротда XVII-XIX асрларда зардўзларнинг махсус учта махалласи бўлган. Бухорода йирик зардўзлик устахоналари амирнинг аркида ўрнашиб, бу ерда фақатгина эркаклар ишлатилган. Аёллар бу даргоҳ соҳасига яқинлаштирилмаган. Афсоналарда айтилишича, гўё аёлларнинг гўзаллиги олдида зар тилладан тайёрланган ипларнинг ранги ўчиб кетиши мумкин экан. Ҳозирги кунда бу касбга минглаб қўли гул чевар уста аёллар жалб қилинган. Қадимий Бухорои Шарифда зардўзларнинг касби авлоддан-авлодга ўтиб, янада такомиллашиб бормоқда.
Зардўзлар керакли буюмларни тикишда тўртбурчакли чамбаракка духоба, шойи, чарм ва бошқа матоларни ўрнатиб, зардўзи усуллар ёрдамида кашталар (гул, нақш ва тасвир) билан зардўзи чопонлар, дўппилар нимчалар ва бошқаларни тикканлар. Бунинг учун олдиндан рассомлар тайёрлаган мажассамат нусхаси кўчирилган ахтақоғоз зар билар бир томонлама — қоплаб тикилган, нақш гул юзаси зар иплар билан қопланган. Матони тескарисига эса нақш гул тикилган. XV-XVIII асрларда Бухоро, Самарқанд ва Ҳиротда зардўзлик янада ривожланади. Айниқса, XIX асрда ва XX асрнинг бошида тикилган зардўзи буюмлар ( чопон, камзул, шалвар, этик, белбоғ, салла ва бошқалар) амир оиласи, сарой задогонлари учун тикилган ва бой хонадонлардан буюртмалар ҳам олинган.
Зардўзликнинг зардўзи, биришимдўзи каби ўзига хос турлари ўша даврга хосдир. Буюмларга зар ип пушти, тўқ қизил, мовий ва яшил рангларда берилган. Шу билан бирга зардўзчиликда турли кўринишдаги бўртма гириҳлар, юлдузчалар ва бошқа безаклар буюмга ажойиб зеб бериб турган. Бу даврда яна зардўзи буюмларнинг турлари ҳам ўзгарган. Давр талабига кўра нафис ишланган буюмлар яратилган. Аёллар учун кўйлаклар, нимча, дўппи, камар, ковуш, сумкачалар – анъанавий буюмлар, эркаклар учун совға-чопонлар, дўппилар тикила бошланди. ХХ аср ўрталаридан бошлаб йирик маҳобатли намоёнлар яратилади. Чунончи, Алишер Навоий театри саҳнасига ҳажми 7х27 м. бўлган зардўзлар томонидан зар парда тикилган.
Кейинги йилларда зардўзлик санъатининг марказлари Бухоро, Наманган, Тошкент, Андижон, Ургут, Қарши, Жиззах ва Фарғонада очилган. Машҳур зардўз усталари етишиб чиқди. Улардан Н. Аминов, Б. Жумаев, Б. Хабибова, Д. Тошева ва бошқалар мавзули намоёнлар, кўзойнак ғилофлари ва упа-элик сумкачаларни зардўзи усулларида тайёрлашни юксак даражага кўтардилар.
Зардўзлик санъати айниқса Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қайта тикланди. Зардўз устаси Б. Жумаев рафиқаси М. Жумаева билан 1995 йили Бухоро зардўзлик санъат мактабини тиклаш ва ривожлантириш учун марказ ташкил этдилар. Ҳозирги кунда моҳир усталар яратган зардўзи ашёлар мамлакатимизда ва хориждаги кўргазмаларда намойиш қилинмоқда ва музейларда сақланиб, биз ўзбекларни дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни исботламоқда.