100060, Республика Узбекистан
г. Ташкент, проспект Амира Темура, 16

(+998-71) 236-74-36, 236-73-47

Новости

Архив новостей

14-11-2016

Ўзбекистон Давлат санъат музейининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалари

В.С. Файзиева. Ўзбекистон давлат
санъат музейи директори

Ўзбекистон Давлат санъат музейи 1918 йилда ташкил этилган бўлиб, у пайтда унинг тўмламида 500 экспонат мавжуд бўлган. Ўтган давр мобайнида ашё ва коллекциялар тўплаш, илмий изланишлар олиб борилиши натижасида музей захираси Ўзбекистон халқ амалий ва тасвирий санъат асарлари, рус ва Ғарбий Европа санъати, шунингдек, хорижий Шарқ мамлакатлари санъати асарлари билан тўлдирилди.
Сурхондарё вилоятидаги эр.авв. I асрга мансуб Халчаёнтепа шаҳарчасидаги саройни безаб турган лойдан ясалган ҳайкал парчалари, Бухоро вилояти ҳудудидаги VII-VIII асрларда мансуб қадимги Бухорхудодларнинг Варахша шаҳристони меъморий ганч безаклари, XVIII асрга тегишли ганч ўймакорлиги номоёнлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий, ўрта ва замонавий давр халқ санъатининг кўплаб намуналари музейнинг ноёб экспонатлари қаторидан ўрин олган. Мустақиллик йилларида музейимиз Ўрта Осиёдаги бетакрор санъат ва маданият меросининг қадимий ва бой хазиналаридан бири сифатида кўплаб хорижий кўргазмаларда иштирок этиб, нафақат МДҲ(Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) ҳудудида, балки дунё миқёсида янада нуфуз ва кафолатга эришди.
Музей фаолиятининг яна бир тури маданий-маърифий ишларга йўналтирилган. Музейнинг оммавий ахборот воситалари сифатидаги вазифаси ҳар бир ташриф буюрувчини, авваламбор, ёшларни дунё маданияти хазинаси намунасига диққатини жалб этиб, улар билан таништириш, томошабиннинг бутун ақл-идроки ва тафаккурини объектга пайвандлаш, мушоҳада юритиши ва бадиий асарни англаб етишига етарли шароит яратишдан иборат. Шунга кўра, музей мактаб ўқувчилари ва ёшларни жалб этиш мақсадида анъанавий усуллар билан бирга янги услублар ва режаларни ишлаб чиқмоқда ҳамда уни ўсиб келаётган ёшлар тарбиясида қўлламоқда.
Яқин ўтмишда “маркетинг”, “коммуникация” ва “маданият” иборалари инсон фаолиятининг бутунлай бошқа-бошқа соҳаларига алоқадор тушунча эди. Хозирги XXI асрда, дунёда глобаллашув жараёнлари кечаётган бир даврда, маданият тизими ташқилотлари, жумладан, дунёнинг етакчи музейлари маркетинг, реклама ва оммавий ахборот воситалари музей ишларини яхшилашда ўта муҳимлигини, уларнинг ижобий ва тезкор таъсири музей фаолиятини ривожлантиришда ҳамда замонавий ва истиқболдаги қиёфасини тўлақонли намоён этишда зарурлигини тушуниб етдик. Бугунги амалиётдан барчага маълумки, маданият соҳасида маркетинг, реклама ва коммуникация усулларини бир марталик ва ички сабабларга кўра эмас, тартибли ва мунтазам қўллаш музейлар олдида турган муаммоларни ҳал этишга самарали шароит яратади. Бу самара уларнинг мураккаб ривожланиш даврида, яъни янги музей ташкил этишда ёки янгитдан қайта тиклашда, йирик кўргазмалар ташқил этиш сингари жараёнларда катта куч сифатида синалди.
Замонавий йирик музейлар учун нуфузли тадбирларни ўтказишда янги усулларни нафақат бир марталик балки концептуал тизимини қўллаш ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалар соҳасида узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш зарур. Замонавий вазиятда кенг жамоатчилик талаблари ва маданий қизиқишлари ҳақида қайғуриш, барча маданият муассасалари, айниқса, музейларнинг доимий бошқариш усули бўлмоғи лозим. Бугунги кунда, йирик музейлар раҳбарлари томошабинларнинг диққати ва сонини оширишгагина эмас, ташкилотнинг нуфузи, ижобий муҳити ҳамда турли ҳамкорлар билан доимий алоқаларни мустаҳкамлашга уринишлари муҳим ва зурур.
Турли ҳукумат ташкилотлари, маданият муассасалари, бадиий муҳит, бизнес вакиллари ва корхоналар раҳбарлари, таълим ва туризм соҳаси, аҳолининг турли қатлам вакиллари, жамият ва нодавлат уюшмалари, нотижорат ташкилотлари ва албатта, йирик ва обрўли оммавий ахборот воситалари билан узоқ муддатли ва изчил алоқаларни йўлга қўйиш музейлар олдидаги долзарб вазифадир. Замонавий ҳаётнинг жадал ўзгариб бораётган шароитида маданият ташкилотлари ўз равнақларига эришиб боришда жамият билан алоқаларининг янгидан-янги шаклларини излаб топишга харакат қиладилар.
Юқоридагиларни умумлаштириб қуйидаги асосий хулосаларни қилиш мумкин: замонавий ҳаётнинг доимий ўзгариб бораётган бир шароитида маданият муассасалари ўз ривожига эришишда ижтимоий муҳит билан алоқаларнинг янги, қўл урилмаган шаклларини излаб топиши муҳим. Бу борада ўзаро ҳамкорликнинг энг самарадор усули бир ёки бошқа маданий воқеани ўқувчи, томошабин ва тингловчига маълум қилувчи ҳамда жамоатчилик фикрини шаклланишига сезиларли таъсир этувчи оммавий ахборот воситалари билан олиб борилган ва шундай бўлиб қолади. Хулоса қилиб айтганда, оммавий медиа тузилма билан мунтазам тизимли алоқалар, улар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, жамият билан мулоқат олиб боришда янги ахборот технология ва усулларни қўллаш Давлат санъат музейининг энг муҳим вазифаси бўлиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги бошқа музейлар тажрибасида ҳам оммавий ахборот васиталари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ижобий натижалар бераётганлигини кўрсатади. Жумладан, Мустақиллик даврида Ўзбекистон Давлат амалий санъат музейи томонидан Республика Радио ва Телевидениеси билан самарали алоқаларни ўрнатилиб, Мамлакатимиздаги “Ўзбекистон”, “Тошкент”, “Uz report”, “Маҳалла”ва бошқа йирик телеканаллар орқали музей коллекцияси тўғрисидаги лавҳаларни мунтазам намойиш этиб келинмоқда. Бундан ташқари оммавий FМнинг “ORIAT FM”, “Пойтахт”, “ORIAT DONO” радиостанциялари музейлар фаолиятини ёритиб боради. Охирги 5 йил ичида телевидение орқали яратилган кўрсатув ва лавхалар, радио орқали эфирга чиқишлар сони янада оширилган. Бунинг натижасида 2011-2015 йилда ташриф буюрувчилар сони ўтган йилларга қараганда 45%(фоиз) ошди.
Республикамизда бирмунча кекса Ўзбекистон Табиат музейи «Правда Востока», «Маърифат», «Нуроний» сингари йирик нашриётлар билан самарали ҳамкорлик қилади. 2016 йил апрелида музей фаолияти ҳақида 4 та лавҳа эълон қилинган. Бундан ташқари «Ассалом Ўзбекистон» телеканалидан Табиат музейига бағишланган ҳафталик маърифий кўрсатув эфирга чиқади. Оммавий ахборот воситалари билан бундай фаол ҳамкорлик томошабинларнинг музейга ташрифи сонини40%га ўстирди.
Ўзбекистон Давлат санъат музейи оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликдаги муҳим муаммоларни барчасини англаб етган. Ўтган йиллар амалиётини танқидий таҳлил қилиб биз қатор муаммоларни санаб ўтдик-ки, уларни жамиятимиз ва давлатимизнинг кейинги ривожланиш босқичида олдимизда турган муҳим вазифаларга мувофиқ, босқичма-босқич ва тизимли ечиш билан музейимиз фаолиятини ижобий ўсишига эришмоғимиз лозим.
Бу муаммолар музей фаолиятининг барча йўналишларига тегишлидир. Мамлакатимиз Мустақилликка эришгунга қадар музей фаолияти ҳақида матбуот, телевидение, радио ва интернетда кенг ва сифатли маълумотнинг йўқлиги, бир ёки бошқа маданий воқеани шарҳлашда уқувсизлик, аксарият ҳолларда эса бирёқламалилик, музейга унинг салоҳиятли иштирокчилари томонидан эътибор ва қизиқишнинг сезиларли камайтирган.
Музейда мазкур муаммони ҳал этиш учун мамлакатимиздаги ва хориждаги барча оммавий ахборот воситалари билан алоқанинг аниқ дастури ва концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бундан ташқари интернет тармоқларининг кенг ривожланиши билан боғлиқ тарзда жамоатчиликнинг энг йирик давраси билан тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг аниқ моделини шакллантиришга қарор қилинди.
Концепция ва дастурни ишлаб чиқишдаги энг муҳим мақсадлар қуйидагилардан иборат:
1) Давлат санъат музейининг ижобий қиёфасини шакллантириш;
2) Музейнинг бетакрор ашё ва коллекциялари тўғрисида маълумотларни тизимли кенг тарғиб қилиш ва оммавий медиа воситаларининг барча турларидан фойдаланиб музейдаги маданий воқеалар ҳақида доимий маълумот бериш;
3) Жамиятни, мамлакат фуқаролари ва хорижий меҳмонларнинг санъатга қизиқиши ва талабини қондириш борасида ҳар ёқлама хамкорлик.

Концепция ва дастур қуйидаги уч йўналишда тизимли иш олиб боришни маъқуллайди:
1) Оммавий ахборот воситаларининг барча турлари билан кенг алоқалар ва мунтазам шериклик муносабатларини ўрнатиш;
2) Турли шаклдаги ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
3) Музейнинг кенг жамоатчилик билан ишлашида янги усул ва технологиялардан истиқболли фойдаланиш ва жорий этиш.
Музейнинг кенг жамоатчилик билан ўзаро муносабатларини қуйидаги тарзда тасаввур этишимиз мумкин: Музей – Музей маълумот манбалари – Оммавий ахборот воситалари (газеталар ва журналлар, телевидение, радио ва интернет) – Музей маълумотлари истеъмолчилари. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалар ва ҳамкорликни кенг ривожлантириш мақсадида музейда зарурий тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Дастлаб, оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятида фойдаланадиган ахборотнинг барча кўриниши ва турларини тизимлаштирилган ҳамда бунинг асосида музейнинг зарурий ахборот манбалари аниқланган. Музейнинг ахборот манбалари ўз ичига веб-сайт, телекўрсатув, видеоролик, интервью(суҳбат), репортаж(лавҳа), мақолалар, ахборот бюллетенлари, янгиликлар, афиша(эълон) ва анонс(эрта эълон)ни қамраб олади. Кейинги босқичда Республикамизда, жумладан Тошкентда бўладиган турли маданий воқеаларни ўз фаолиятида ёритадиган нуфузли газета, журнал, телеканалларнинг маълумот базалари яратилди. Унга маҳаллий, ҳудудий ва марказий умумреспублика оммавий ахборот воситалари киритилган. Маълумотлар базаси(манбаси) ҳудуддаги маданий воқеаларни назорат қиладиган ва ёритувчи нашриётлар номи, тури, почта ва электрон манзиллари, редакторлар ва етакчи журналистларнинг телефон рақами ва фамилиясини, шунингдек, маданиятшунослик ва санъатшуносликка оид мавзудаги асосий нашрларни жамлайди. Маълумотлар базасига жами 80 та газета, журнал, теле ва радио каналлар кирган.
Яратилган маълумотлар базаси турли оммавий медиа воситалари билан яқиндан алоқада бўлишга ёрдам беради. Умуман, мазкур материалларнинг барчаси бир ёки бошқа газета, журнал таҳририяти, теле ва радиоканаллар – электрон нашриётлар учун «музейнинг маълумот портфел»ини, кейинчалик эса «маълумот(ахборот) пакетлар»ини шакллантиришда асосий манба бўлади. Буларнинг барчаси исталган кўргазма, тадбир, анжуман, танлов кабиларни ташкиллаштиришда музейдан энг мухим ва тўғри маълумотларни олувчи таҳририятларнинг кўпчилиги билан муайян шерикчилик алоқаларини мустаҳкамлашга имкон яратади. Бу маҳаллий, ҳудудий ва марказий матбуот ва телевидениеда музейлар ҳақидаги нашрлар ва кўрсатувлар сонини сезиларли даражада оширади. Агар 2011 йилда музей фаолиятига бағишланган нашр ва кўрсатувлар сони 70 тани ташкил этган бўлса, 2015 йилда унинг сони ўтказилган ҳар бир кўргазма, учрашув ва тадбирларни кенг ёритиш материаллари эвазига 120га кетди. Ҳозирги даврда, музейда ўтаётган деярли барча маданий тадбирлар бир неча телеканаллар, Пойтахт ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида фаолият юритаётган журналистлар томонидан ёритилмоқда. Марказий нашрларда бундай соҳага ихтисослаштирилган ва оммабоп нашрларнинг доимий пайдо бўлиши музейга омманинг диққатини кенгроқ жалб этишга имконият туғдирмоқда. Янги шакллантирилган моделга кўра, музей билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган кўпгина таҳририятлар билан ҳамкорлигимиз бутунлай янгича кўриниш олмоқда. Бунинг учун музей ходимлари ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан тайёрланган ноёб маълумотларга биноан биргаликдаги қатор лойиҳалар тайёрланди ва амалга оширилди, матбуот ёрдамида музей ҳақидаги мавжуд маълумотларни кенг жамоатчилик оммасига етказишга эришилди. .
Мазкур лойиҳаларда Ўзбекистон Давлат санъат музейининг кўп сонли илмий ходимлари иштирок этишиб, улар музейда мунтазам уюштириладиган маданий воқеалар ҳақида телевидение ва газета нашрларида илмий-оммабоп чиқишлар қилганлар. Барча лойиҳалар музейнинг матбуот билан ҳамкорлигининг янги шакли ва имкониятларини намоён этиб, ҳамкорларнинг бир-бирига бўлган ишончи ва ҳурматини янада мустаҳкамламоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Давлат санъат музейи замонавийлик чақириқларига жавоб берганча, жаҳон тажрибаларига таяниб, халқни маданий маърифатини ошириш ва авлодларни уйғунликдаги равнақини шакллантириш борасида давлат миқёсидаги вазифани ечишда замонавий оммавий ахборот воситаларининг барча турлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қуйиш ва ривожлантириш устида мунтазам ишлашга интилмоқда.