100060, Республика Узбекистан
г. Ташкент, проспект Амира Темура, 16

(+998-71) 236-74-36, 236-34-44

Новости

Архив новостей

19-01-2017

ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ САНЪАТ МУЗЕЙИДА “ИСРОИЛНИНГ ҚУЁШЛИ ЗАМИНИ ЎЗБЕКИСТОНДА” НОМЛИ КЎРГАЗМА УЧУН
Без имени-2

Ўзбекистон Давлат санъат музейининг ташкил топганига 2018-йил юз йил тўлади. Шу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон Давлат санъат музейида Исроилнинг малакали рассомлари билан ҳамкорликда “Исроилнинг қуёшли замини Ўзбекистонда” номли лойиҳаси асосида санъат асарлари кўргазмаси ўтказиш режалаштирилган. Кўргазмада намойиш этилган Исроил рассомларининг асарлари Ўзбекистон Давлат санъат музейига совға сифатида топширилиши кўзда тутилган. Санъат инсон маданиятининг асосий негизи ҳисобланади. Малакали рассом томонидан яратилган бадиий образ томошабин юрагига йўл топа олади. Гўзаллик дунёни бирлаштиради, яқинларни меҳр ила қабул қилишга чорлайди. Бу тасвирий санъатда инсонларни бир — бирига яқинлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Кўргазмада асарлари намойиш этиладиган ижодкорлар Исроил рассомлар уюшмасининг ҳақиқий аъзолари ҳисобланади. Халқаро мақомга эга лойиҳа доирасида ўтказилаётган ушбу кўргазмада 1941 — 2016 йиллар оралиғида яратилган рангтасвир ва дастгоҳ графикаси йўналишидаги 31 та санъат асарлари намойиш этилади. Кўргазмада Герман Непомняшийнинг “Иерусалим” (2016), Григорий Ферернинг “Давид минораси-таянч қалъаси” (2016), Андриан Жудренинг “Ал-Ақсо масжиди” (2016) кабилар ва Александр Постельнинг графика асарлари ўрин олиши режалаштирилган.
Кўргазма 3 та бўлимдан иборат бўлиб, I – бўлим “Суронли уруш йилларида Тошкент қуёши” деб номланиб, унда Александр Постелнинг 1941 – 1945 йилларда Тошкент шаҳрида яратган 8 та графика асарлари ўрин эгаллаган. А. Постель Тошкентда Архитектура институтида рангтасвир ва графика йўналишларида фаолият олиб борган ва шу таълим даргоҳида дарс берган. У Ўзбекистонда республика бадиий ўқув билим юртини ташкил қилишда фаол иштирок этган ва шу техникумни биринчи директори лавозимида ишлаган.
II – бўлим “Исроил 1990 йиллар рус авангарди йўналишида” деб номланиб унда Иосиф Капеляннинг тўртта график асарлари ўрин эгаллаган. Ўзбекистон Давлат санъат музейида рус авангардининг энг йирик коллекцияси тўплами сақланади. И. Капелян томонидан 1990 — йилларда ишланган рангли гравюралар айнан супрематизм анъаналари асосида ишланган.
III – бўлим “Исроил шарқона ранглар уйғунлиги билан” деб номланади. Унда 13 та рангтасвир асарлари намойиш этилган. Ушбу асарлар Исроилнинг рассомлари томонидан Ўзбекистон учун махсус яратилганлиги билан аҳамиятлидир. Кўргазмани ташкил қилишдан мақсад Ўзбекистон ва Исроил халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Ушбу халқаро кўргазманинг очилиш маросими 2017 йилнинг 23-январь куни 16:00 да Ўзбекистон Давлат санъат музейи биносида бўлиб ўтади. Тадбирда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасидан, республикамиздаги нуфузли давлат ташкилотларидан меҳмонлар, юртимиздаги турли ўқув юртларининг профессор ўқитувчилари ва талабалари ҳамда бошқа музейга ташриф буюрувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этиб Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги маданий алоқалар, санъатнинг ноёб хусусиятлари бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин.